Организмдаги суюқликларнинг нормал ҳолатда сақлаш учун одам ташқи муҳитдан суюқликларни қабул қилиб ва чиқариб туради. Суюқликлар миқдорини нисбий гомеостаз ҳолатда сақлаш муҳимдир. Одам организми сувни икки манбадан олади: 1) сув ичиш ва овқат таркибидаги сувни ўзлаштириш орқали (ўртача 2100 мл/кун); 2) моддаларнинг оксидланишидан ҳосил бўладиган сув (200 мл/кун); Бу икки усул организмни бир кунда жами 2300 мл сув билан таъминлайди. Аммо, бир кунда қабул қилинадиган сув миқдори жуда ўзгарувчан ҳатто битта одам ҳар хил миқдорда сув қабул қилади. Бу об-ҳавога, одамнинг физик ҳолатига ва бажарган ишларига боғлиқ.
Организмдан суюқлик йўқотилиши
Сезилмас сув йўқотиш. Одам организми нафас олиш системаси орқали сувни буғлатиш ҳамда теридан сувни диффуз усул билан ажратиш орқали кунида 700 мл сув йўқотади. Бу жараён барча одамларда узлуксиз кузатилса-да, бизга у сезилмайди. Терида диффуз йўл орқали чиқиб кетадиган сув миқдори 300-400 млни ташкил этади. Диффуз усул орқали тер ажралиши ҳатто тер безлари ривожланмаган кишиларда ҳам бўлади. Нафас аъзолари орқали ҳам бир кунда 300-400 мл сув йўқотилади.
Тер безлари орқали сув йўқотиш. Тер безлари орқали йўқотиладиган сув миқдори жуда ўзгарувчан бўлиб, кишининг қилган ишлари ва ҳароратга боғлиқ бўлади. Нормал ҳолатда кунига 100 мл тер ажралади, аммо жуда юқори ҳарорат ва кўп жисмоний меҳнат вақтида унинг миқдори 1-2л/соатгача етади.
Нажас орқали сув йўқотилиши. Жуда кам миқдордаги сув (100 мл/кун) нажас орқали чиқиб кетади. Ўткир диарея билан оғриган беморларда бу кўрсаткич бир неча литргача етиши мумкин.
Буйраклар орқали сув йўқотиш. Буйраклар орқали сув йўқотиш организмда сув ва туз балансини ушлаш учун энг муҳим ҳисобланади. Сувсаган одамда бир кунда 0,5 литр ва жуда кўп миқдорда сув ичган одамда эса 20 литргача сийдик ажралиши мумкин. Ўртача бир кунда 1400 мл сийдик ажралади.
Организмдан суюқлик йўқотилиши
Организмдаги умумий суюқлик ҳужайра ичидаги ва ҳужайра ташқарисидаги гуруҳларга бўлинади. Ҳужайра ташқарисидаги суюқликларнинг ўзи ҳам ҳужайралараро ва қон плазмасига бўлинади. Шунингдек, транс-ҳужайравий суюқликлар ҳам мавжуд. У ўз ичига синовиал, перитониал, перикардиал, интерокуляр бўшлиқлар ва орқа мия суюқлигини олади. Транс-ҳужайравий суюқликлар ҳужайра ташқариси суюқликларининг махсус турлари ҳисобланади ва ҳужайралараро суюқлик ва қон плазмасидан фарқ қилади. Бу суюқликлар жами 1-2 литрни ташкил этади. 70 кглик эркак кишининг 60% тана массасини сув (42 литр) ташкил этади. Бу кўрсаткич ёшга, жинсга ва семизлик кўрсаткичига боғлиқ.
Нормада аёллар танасида эркакларга қараганда кўп миқдорда ёғ моддаси бўлади. Шунинг учун аёлларда суюқлик миқдори 50% ни ташкил этади. Чақалоқларда бу кўрсаткич 70-75%ни ташкил этади. Шу 42 литр суюқликнинг 28 литри 100 трлн та ҳужайранинг ичида бўлиб, умумий ҳолда ҳужайра ичи суюқлиги деб аталади. Бундан кўриниб турибдики, умумий тана массамизнинг 40%ини ҳужайралар ичидаги суюқлик ташкил этади. Ҳужайра ташқарисидаги суюқликлар эса 20%ни (14 литр) ташкил этади. Ҳужайра ташқарисидаги суюқликни иккита катта қисм: ҳужайралараро суюқлик ( ¾, 11л ) ва қон плазмаси (¼, 3л) ташкил атади. Ҳужайралараро суюқлик билан қон плазмаси таркиби жуда яқин ва фақат қон плазмасида кўп оқсил бўлиши билан фарқланади.

