Ситомегаловирус (СМВ) кенг тарқалган вируслардан биридир. Инфексияни юқтирганингиздан сўнг, танада вирус пайдо бўлади. Аксарият одамлар буни ҳатто сезмайди, чунки у деярли аломатларсиз кечади.
СМВ ҳомиладор аёллар ёки иммунитети заифлашган беморлар учун хавфли бўлиши мумкин. Ҳомиладорлик даврида СМВ инфексиясини “фаоллаштирган” аёллар вирусни чақалоқларига ҳам ўтказиши мумкин. Туғма Ситомегаловирус кейинчалик турли аломатлар пайдо бўлишига олиб келади. Иммунитет тизими заиф бўлганлар, айниқса ички орган ёки суяк трансплантатсиясини бошидан ўтказганлар учун СМВ инфексияси жуда ҳам хавфли ва ҳатто ўлимга ҳам олиб келиши мумкин.
Ситомегаловирус инфексиясининг уч тури мавжуд:
- СМВ инфексиясининг ўткир шакли;
- СМВ инфексиясининг умумий шакли;
- Туғма СМВ инфексияси.
Юқоридагилардан туғма СМВ инфексияси эътиборингизни кўпроқ тортган бўлса керак, шунинг учун ҳомиладорлик пайтида СМВ нима учун хавфли эканлигини билиб оламиз.
Нима учун ҳомиладорликда ситомегаловирус хавфли?
СМВ жуда кенг тарқалганлигини ёдда тутиш зарур. Агар чақалоқ СМВ билан туғилса, у туғма СМВ деб аталади. Туғма деганда туғилишдан бери мавжуд ҳолат назарда тутилади. Бундай чақалоқлар соғлиқ учун хавфли турли хил асоратларга дучор бўлиши мумкин, жумладан:
- Туғилганда кам вазнлик;
- Тери тошмаси;
- Терининг ва кўзнинг сариқлиги (сариқ касал);
- Жигар ва талоқни катталашиши;
- Бош чаноғининг одатдагидан кичкина бўлиши (микротсефалия);
- Тутқаноқлар;
- Карлик;
- Кўриш қобилияти сусайиши;
- Ақлий заифликлар;
- Ўсиш ва ривожланишдан тўхташ.
Ситомегаловирус белгилари қандай?
СМВ билан касалланган аксарият одамларда ҳеч қандай аломат бўлмайди. Бу ҳолат асимптоматик деб аталади. Шу сабабли, баъзи ҳомиладор аёллар СМВ билан касалланганлигини сезмай қолишади. Ўткир СМВ белгилари аниқ бўлмаганлиги сабабли уларни грипп ёки юқумли мононуклеоз каби инфексиянинг бошқа тури билан адаштириш мумкин.

Ҳомиладорлик даври давомида СМВ билан касалланган баъзи аёллар ўткир инфексия белгиларига дуч келишлари мумкин. Буларга қуйидагилар киради:
- Иситма;
- Ҳолсизлик;
- Мушаклардаги оғриқ;
- Бош оғриғи;
- Лимфа тугунларининг катталашиши.
Вирусни юқтириш омиллари
СМВ вирусни ўз ичига олган тана суюқликлари орқали юқиши мумкин, масалан:
- Қон;
- Сийдик;
- Сперма;
- Вагинал суюқликлар;
- Тупук;
- Кўз ёшлари;
- Она сути.
Юқорида санаб ўтилган тана суюқликларидан бирортаси билан тўғридан-тўғри алоқа қилиб кейин бурун, оғиз ёки кўзингизга тегсангиз ҳам вирусни юқтиришингиз мумкин.
СМВ вируси одамдан одамга қуйидаги ҳолларда юқиши мумкин:
- Ҳомиладорлик ва туғиш;
- Энагалик қилиш;
- Ўпишиш;
- Тагликларни алмаштириш;
- Жинсий алоқа;
- Тиш чўткалари, овқат идишлари ёки стакан каби нарсалардан алмашиб фойдаланиш;
- СМВ билан касалланган одамдан қон қуйиш, орган трансплантатсияси ёки суяк трансплантатсияси жараёнини бошдан кечириш.
СМВ қандай аниқланади?
Лаборатория тестлари сизда СМВ мавжудлигини аниқлаши мумкин. Кўпинча бундай тестлар орқали қонингизда СМВ антитаналари мавжудлиги текширилади.
Ситомегаловирус инфексиясини даволаш усуллари
СМВ учун ҳеч қандай даво йўқ. Барча герпес вируслар сингари, СМВ билан касалланганингиздан сўнг у танангизда умр бўйи сақланиб қолади.
Ҳомиладорлик даврида СМВ инфексиясини даволаш усули ҳозирда мавжуд эмас. Вирусга қарши дорилар инфексияни хавфини камайтириши мумкин, лекин улар ҳар доим ҳам вируснинг ривожланаётган чақалоққа ўтишига тўсқинлик қила олмайди.
Касалликнинг олдини олиш
Эҳтиёткорлик ва гигиена қоидаларига риоя қилиш СМВга қарши энг яхши профилактика ҳисобланади. СМВ инфексиясини олдини олиш учун эҳтиёт чоралари:
- Қўлларни тез-тез ювиш;
- Болани ўпаётганда сўлак ва кўз ёшдан эҳтиёт бўлиш;
- Бошқалар билан битта идишда озиқ-овқат, ичимликларни баҳам кўрмаслик;
- Бир марта ишлатиладиган нарсаларга эҳтиёткор бўлиш;
- Ўйинчоқлар ва стол устиларини тозалаш.
