Ушбу мақола генетикадаги мазмунлари бир-бирига жуда яқин бўлган қуйидаги тушунчаларни асосий фарқлари ҳақида сўз юритилади.
Хромосома нима
Хромосома – эукариот ҳужайралар ядросидаги ўзида ирсий ахборотнинг кўп қисмини тутган, уни сақлаш, ифода этиш ва наслдан-наслга узатишни амалга оширадиган мураккаб тузилган нуклеопротеид тузилма. Хромосома асосан битта узун ДНК занжири ва унга бириккан гистонлардан ташкил топган бўлади. Эукариотларда хромосоманинг асосий таркибий қисмларига сентромера, теломерлар ва репликасия инитсиатсия нуқтаси киради. Унинг кашф этилиши бир нечта немис олимларининг (Шлейден, Вирхов, Бючли) номи билан боғлиқ. “Хромосома” атамасини илк маротаба 1888-йилда В.Валдеер қўллаган.
Хроматин нима
Хроматин – хромосоманинг таркибий қисми бўлган нуклеопротеид ип. Унинг таркибига ДНК (30-45%), гистон оқсили (30-50%) ва гистон бўлмаган оқсиллар (4-33%) киради. Электрон микрофотография тасвирларида хроматин худди ипга терилган маржонга ўхшаб кўринади. Буни қуйидаги расмдан ҳам кўрсангиз бўлади. Айнан хроматин даражасида генетик материалдан фойдаланиш, ДНК репликатсияси ва репаратсияси бошланади. “Хроматин” атамасини 1880-йилда В.Флемминг фанга киритган.
Хромонема нима
Хромонема – митоз давридаги зичлашган хромосоманинг қайта ёйилиш вақтида ёруғлик микроскопида кўриш мумкин бўлган спирал тузилма. Яна ҳам аниқ қилиб айтганда хроматин ипининг юқорида даражадаги зичлашган кўринишини хромонема дейилади, бунда ҳосил бўлган фибрилляр занжирнинг диаметри 30 нм гача етади. Илк маротаба хромонемани 1880-йилда О.В.Баранетский традескансиянинг чанг ҳужайраларида кўрган. “Хромонема” атамасини эса 1912 йилда Ф.Вейдовский фанга киритган.
Хроматида нима
Хроматида – интерфаза даврида ҳужайра ядросида икки ҳисса кўпайган хромосоманинг структуравий элементи. Профаза босқичидаги зичлашган хромонема метафаза босқичига ўтгандан сўнг хроматида деб номланади. Уни митознинг метафаза босқичда ёруғлик микроскопи орқали яққол кўриш мумкин. Хроматида ўз нусхасига бирламчи белбоғ орқали бирикиб туради. Анафаза босқичидан сўнг эса у мустақил хромосомага айланади.
Қуйидаги расмда юқорида таърифланган атамаларни тасвирий ифодаси келтирилган. Бу ушбу терминларни янада яхшироқ тушунишингизга ёрдам беради.

