Чақалоқларда сувсизланиш — бу нормал ҳаёт фаолиятини амалга ошириш учун танада етарли суюқликнинг бўлмаслик ҳолати саналади.
Боланинг танаси тахминан 75% сувдан иборат бўлиб, сув ҳар бир ҳужайранинг таркибий қисмидир. Сув тана ҳароратини назорат қилиш, органлар ва тўқималарнинг бутунлигини сақлаш, ҳужайраларга озуқа моддаларини ташиш ва бошқа ҳаётий кўрсаткичлар учун муҳим рол ўйнайди.
Фарзандингиз ҳар куни пешоб ажратиши, ичак ҳаракати, терлаши, йиғлаш ва ҳатто нафас олиши орқали маълум миқдорда сув йўқотади. Бола организмидаги сув ҳар сафар у овқатланганда ёки суюқлик истеъмол қилганда алмашинади.
Қатор омиллар организмда сувнинг тугалланиш ва қайта ўрнини тўлдириш ўртасидаги мувозанатини бузиши мумкин. Мисол учун, агар чақалоғингиз қайт қилса ёки унда диарея ҳолати бўлса, у нисбатан тезроқ суюқликни йўқотади, бу эса боланинг сувсизланишга олиб келиши мумкин.
Чақалоқларда сувсизланиш белгилари
Чақалоқларда сувсизланишнинг энг кўп учрайдиган белгилари қуйидагилар:
- Жуда қуюқ сариқ ёки тўқ сариқ рангга ўхшаш консентрланган пешоб;
- Қабзият;
- Лаблар қуриши;
- Оғиз қуриши;
- Шиллиқ пардалар қуруқ бўлиб қолиши;
- Ҳаддан ташқари уйқучанлик;
- Таъсирчанлик;
- 24 соат ичида олтитадан кам нам таглик;
- Шишани олишига ёки эмишга қизиқишнинг йўқолиши;
- Йиғлаганда кўз ёшлар пайдо бўлмаслиги;
- Рангпарлик;
- Боланинг бошида мембрана билан қопланган бўшлиқ (юмшоқ нуқта);
- Терида ажинлар бўлиши.
Чақалоқлар сувсизланиш ҳолати тезда рўй бериши мумкин. Айниқса, чақалоғингиз касал бўлса, танаси қизиб кетган ёки овқатланишида муаммолар бўлса, бу белгилардан эҳтиёт бўлинг. Ва дарҳол педиатрга мурожаат қилинг.
Чақалоқларда сувсизланиш сабаблари
Бир қатор омиллар сувсизланишга олиб келиши мумкин. Сувсизланишнинг ҳар қандай ёшдаги одамда маълум бир таъсири бўлса-да, у катталарга қараганда ёш болаларда тез-тез учрайди.
Гўдаклик давридаги болалар ва янги туғилган чақалоқларнинг сувсизланиши сабаблари орасида:
- Эмизиш билан боғлиқ муаммолар: агар кўкрак сути билан озиқланадиган чақалоқлар тўғри сўра олмаса, кўкрак сутини тез-тез ёки узоқ вақт қабул қилмаса ёки кўкрак сути билан таъминланиши билан боғлиқ муаммо бўлса, онанинг эмизиш билан боғлиқ билимсизлиги сабаб тўғри эмизолмаса, бола танаси сувсизланиши мумкин;
- Шишадан озиқлантириш билан боғлиқ муаммолар;
- Диарея;
- Иситма: Фарзандингизнинг тана ҳароратининг кўтарилиши суюқликнинг кўпроқ йўқотилишига олиб келиши мумкин;
- Юқори ҳарорат, ҳаддан ташқари намлик ёки иссиқ қуёшда очиқ ҳавода кўп вақт ўтказиш — терлаш ва чақалоқ териси орқали суюқликнинг буғланишига олиб келиши мумкин;
- Овқатланишдан бош тортиш — буруннинг битиб қолиши, қулоқ ёки томоқ оғриғи сўриш ва ютишга халақит бериши мумкин;
- Қусиш.
Даволаш
Чақалоқ сувсизланишини даволаш касалликнинг сабаби ва оғирлигига айниқса, боланинг ёшига боғлиқ.
Оғир сувсизланиш жуда хавфли, ҳаттоки ҳаёт учун хавфли вазиятларнинг келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун, агар симптомлар сезиларли бўлса, шифокорингизга мурожаат қилинг. Боланинг ҳозирги аҳволидан ташвишланаётган бўлсангиз, шошилинч ёрдам сўрашдан тортинманг.
Маълумот ўрнида, Америка педиатрия академияси чақалоқларга фақат 6 ойликдан бошлаб сув берилиши кераклигини ва уларнинг кунлик истеъмоли 0,5-1 стакан (118-236 мл) билан чекланиши кераклигини таъкидлашади.
Фарзандингизда қуйидаги ҳолатлар бўлса дарҳол тиббий ёрдамга мурожаат қилинг:
- Тиришаётганга ўхшаса;
- Лиқилдоқларида ботиқлик (чўкиш) бўлса;
- Саккиз соатдан ортиқ тинимсиз диарея бўлса;
- Кўкрак сўрғичини ёки шишани яхши сўра олмаса;
- 3 ойликдан кичик ва иситмаси бўлса;
- Икки марта овқатлантиришдан кейин ҳам қайт қилса;
- Бошқа узоқ муддатли ёки оғир сувсизланиш белгилари мавжуд бўлса.
Олдини олиш
Сувсизланишнинг олдини олишнинг энг яхши усули бу нафақат белгиларни билиш ва сабабларини тушуниш, балки уни қандай қилиб олдини олишни ҳам билишдир.
- Янги туғилган чақалоққа эътиборли бўлинг;
- Чақалоқни тўғри парваришлаш борасида билим ва кўникмаларни ўзлаштиринг;
- Нам тагликлар ва вазн ортишини кузатинг;
- Ҳаддан ташқари иссиқлик муҳитдан сақланинг;
- Кўп миқдорда сув беришдан сақланинг;
- Микробларнинг тарқалишини олдини олинг.
