Ёш болаларда доимий қусишининг кўплаб эҳтимолий сабаблари мавжуд. Чақалоқ қайт қилиши асосан қуйидаги сабаблар туфайли юзага келади:
- Апендитсит: қорин оғриғи, енгил иситма ва иштаҳанинг йўқолиши билан бир қаторда, кўнгил айниши ва қусиш апендитситнинг энг кенг тарқалган белгиларидан биридир;
- Автомобил касаллиги (саёҳат қилаётганда кўнгил айниши): бу касаллик ёш болаларда кенг тарқалган бўлиб, баъзан кўнгил айниш, қусиш, совуқ тер, чарчоқ ва иштаҳани йўқотиш билан бирга келади;
- Мия чайқалиши: мия чайқалиши — бошга зарба бериш натижасида юзага келадиган жиддий мия шикастланиши ва у қайт қилишга сабаб бўлиши мумкин;
- Озиқ-овқат аллергияси ёки ўзлаштира олмаслик: кўнгил айниши, қусиш ва диарея озиқ-овқат аллергияси ва ўзлаштира олмасликнинг мумкин бўлган аломатларидан биридир;
- Озиқ-овқатдан заҳарланиш: қайт қилиш озиқ-овқатдан заҳарланиш касалликнинг кенг тарқалган аломатидир ва одатда диарея ва ошқозон оғриғи билан бирга келади;
- Гастроентерит: ушбу касаллик одатда болаларда ротавирус туфайли юзага келадиган, бир ҳафтагача давом этадиган қусиш ва диареяга олиб келадиган ошқозон “гриппи” ҳисобланади.
Бундан ташқари, гастроезофагиал рефлюкс касаллиги (ГЕРК), турли инфексиялар, ичак ҳаракати бузилиши, дори-дармонлар, заҳар, пилорик стеноз ва стресс каби омиллар ҳам қайт қилишга сабаб бўлиши мумкин.
Чақалоқ қайт қилиши профилактикаси
Фарзандингиз кутилмаганда қайт қилиши сизни хавотирга солиши табиий ҳол. Кичкинтойингиз хавфсиз ва қулай бўлиши учун аввало хотиржам бўлинг ва ушбу маслаҳатларга амал қилинг:
Чақалоқ чанқамаганига ишонч ҳосил қилинг
Сувсизланиш — қабул қилингандан кўра кўпроқ суюқликни йўқотишдир, бу эса танани ишлаши учун зарур бўлган муҳим моддалар камайишига олиб келади.
Кучли қусиш ва диарея ёш болаларда сувсизланишнинг асосий сабаби ҳисобланади. Суюқлик ичиш одатда сувсизланишнинг енгил ҳолатини бартараф этиш учун етарли бўлсада, оғир ҳолларда тиббий даволанишни талаб қилади.

Суюқлик ичиринг
Регидратсия — йўқолган суюқлик ва электролитларни қайта тиклаш. 1 ва ундан катта ёшдаги болаларни хавфсиз суюқлик билан таъминлаш учун ҳар 15 дақиқада оз миқдорда тоза ичимлик суви беришни бошланг.
Симптомларни ёзиб боринг
Болангизда қусиш қандай ва қачон содир бўлганлиги ҳақида ёзиб бориш лозим. Фарзандингиз ҳар сафар қайт қилиши билан қуйидагиларни ёзиб қўйинг:
- Сана;
- Кун вақти;
- Қанча давом этгани;
- Агар қусиш таркибида қаттиқ моддалар учраши ёки ўта суюқ бўлиши;
- Боланинг охирги пайтда нима егани ёки ичгани;
- Иситма, қорин оғриғи ёки диарея каби бошқа аломатлар мавжудлиги.
Педиатрни чақиринг
Жиддий сабабга боғлиқ бўлмаган тез-тез, тушунарсиз қайт қилиш кузатилганда ҳар доим шифокорга мурожаат қилиш лозим. Қўнғироқ қилганингизда касалликнинг аниқ симптомларини айтинг.
Касаллик сабаби аниқланмаган ҳолларда педиатр аниқ ташхис қўйиш учун қон, сийдик ва ахлат текшируви ўтказишни ёки рентген аппаратига тушишни тавсия қилади.
Тез тиббий муолажа талаб қилувчи белгилар
Ёш болаларда қусиш одатда хавотирли ҳол ҳисобланмасада, тиббий ёрдамга мурожаат қилиш керак бўлган ҳолатлар мавжуд:
- Қон аралаш қусиш;
- Сийдикда қон келиши;
- Паришонхотирлик ва летаргия;
- Бош ва бўйинлардаги оғриқ;
- Ошқозонда кучли оғриқ;
- Пешоб пайтида оғриқ;
- Аччиқ ёки кучли қусиш;
- Юракнинг тез уриши ёки тез-тез нафас олиш;
- Иситма билан бирга қусиш;
- Одатдаги овқатланиш тартибига қайтганда ҳам қусиш.
