Kontentga o‘tish
BUFANSTREAM
Биология, Ботаника

Ясмиқчалар ҳақида малумот

Ясмиқчалар – ёш пояларда иккиламчи қопловчи тўқима перидермада жойлашган, турли хилдаги шакл ва кўринишда бўлган газ алмашнувига хизмат қиладиган ёрдамчи орган ҳисобланади. Уларни дарахт ва буталарнинг ёш пояларида осонгина пайқаш мумкин.

Одатда новдалар юзасини эпидерма қоплаб олган бўлиб, уларда жойлашган барг оғизчалари орқали газлар алмашинуви содир бўлади. Эпидермадан кейин перидерма ҳосил бўлиши билан барг оғизчаларининг ҳужайралари ҳалок бўлиб, газ алмашинуви функсиясини бевосита перидермадан ҳосил бўлган ясмиқчлар давом эттиради. Ясмиқчалар перидерма ҳосил бўлгунча ривожланиб бўлган бўлади. Айрим барг оғизчаларининг остидаги субепидерма қатлами ҳужайраларида бўртмачалар пайдо бўлади. Мана шу бўртмачалар кейинчалик ясмиқчаларга айланади.

Ясмиқчаларнинг шаклига қараб дарахтларнинг турини аниқлаш мумкин бўлади. Одатда илдизларда ясмиқчалар бўлмайди. Лекин ботқоқликда ўсадиган қарағай турларининг илдизларида ясмиқчалар борлиги аниқланган. Шундай ўсимликлар мавжудки, уларнинг танасида ясмиқчаларни умуман учратмайсиз. Буларга ток, учқат, маймунжон каби ўсимликлар киради. Уларнинг поя ҳужайралари ҳар йили алмашиниб турадиган пўстлоқ юзалари ҳисобига нафас олади.

Ясмиқчаларни поядан ташқари яна мевалар юзасида ҳам, айниқса олма ва нокда кўриш мумкин. Нок меваси юзасидаги ясмиқчаларнинг рангига қараб туриб мева пишган ёки пишмаганлигини аниқлаш ҳам мумкин бўлади. Масалан, хом меваларда ясмиқчаларнинг ранги яшил, мева пишиб борган сари уларнинг ранги тўқлашиб охири жигарранг тусга киради. Баъзан эса мана шу ясмиқчалар орқали мева ичига турли хилда чиритувчи бактерия ва замбуруғлар тушиши ва мевани тезда яроқсиз ҳолатга келтириб қўйиши мумкин.