Ҳомиладорлик пайтида бўлажак она инфексияларни юқтириш эҳтимоли ва уларнинг ҳомила ривожланишига қандай таъсир қилиши мумкинлиги ҳақида одатдагидан кўпроқ қайғурадилар. Ушбу мақоламиз орқали сиз билан ҳомиладорликда тез-тез учрайдиган инфексиялар, уларнинг болага қандай таъсир қилиши ва инфексиялар ривожланишининг олдини олиш усулларини кўриб чиқамиз.
Ҳомиладорлик ҳар бир аёлнинг ҳаётидаги энг гўзал даврлардан бири бўлиши билан биргаликда, унинг энг ҳимоясиз даври ҳам ҳисобланади. Шунинг учун, аёлда бирор инфексион касаллик аниқлансаю, даво чоралари кўрилмаса, унинг жиддий асоратлари пайдо бўлиши мумкин. Ҳомиладор аёлларнинг доимий равишда мутахассислар назоратида бўлишининг шартлиги ҳам бежизга эмас.
Ҳомиладорликда замбуруғ инфексиялар
Замбуруғ инфексиялари (Кандида) бошқа вагинал инфектсиялар сингари, ҳомиладорлик пайтида тез-тез учрайди. Бу вақтда организмда содир бўладиган гормонал ўзгаришлар ва иммунитетнинг умумий пасайиши уларнинг ривожланишининг асосий сабабидир.
Ушбу инфексиясининг энг кенг тарқалган белгилари жинсий аъзоларда қичишиш, оқ, творогга ўхшаш вагинал ажралма, кичик ҳожатда оғриқ ёки ноқулайлик, қиндан ачиган пиво каби ҳид келиши, қин атрофида оғриқ ёки ачишиш ҳисси кабилар ҳисобланади.
Юқумлик касаллик ҳомиладор аёлга аниқланса, албатта шифокор билан маслаҳатлашиб даволаш чорасини кўриш шарт.
Ҳомиладорликда инфексиялар: Бактериал вагиноз
Ҳозирги кунда бу инфексияни даволаш осон. У қуйидаги аломатлар билан бирга келади:
- қичишиш, ачишиш, жинсий соҳадаги оғриқ;
- кўп миқдорда ажралма;
- ёқимсиз ҳиднинг пайдо бўлиши.
Бактериал вагинозни даволаш керак. Акс ҳолда, ҳомила эрта туғилишига олиб келиши мумкин.

Б гуруҳ стрептококклари
Касаллик кўпинча тўғри ичакда ва қинда жойлашган бактериялар гуруҳи томонидан қўзғатилади. Улар ўзига хос симптомлар билан юзага чиқмаслиги мумкин. Бироқ хавф она томонидан ҳомилага инфексиянинг ўтиш эҳтимоли билан боғлиқ ва бу кўплаб кутилмаган хавфли оқибатларга олиб келиши мумкин, жумладан янги туғилган чақалоқнинг нобуд бўлишига ҳам сабаб бўлиши мумкин.
Бачадон инфектсиялари
Бундай инфектсиялар тўғридан-тўғри йўлдошга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Аёл вақтидан эрта туғиши ёки ҳомила турли аномалияларга дуч келиши мумкин.
Бачадон инфексиялари кўпинча қиндан бактериялар бачадонга ўтганда ривожланади, шунинг учун даволанмаган қин инфексиялари бачадон инфексиялари учун хавф омилидир.
Қиндан бачадонга инфексиянинг кириб келишини олдини олишнинг иложи йўқлигини ҳар бир ҳомиладор аёл тушуниши жуда ҳам муҳим. Агар ҳомиладор аёлда вагинал инфексиялар аниқланса, албатта тўлиқ даволаниш амалга оширилиши шарт.
Ушбу ҳолатда аёлни касалхонага ётқизиш керак бўлиши мумкин, лекин кўпинча даволаниш амбулатория шароитида антибиотиклар курси, микрофлорани тикловчи дорилар ва бошқалар ёрдамида амалга оширилади.
Бошқа инфексиялар
Ҳомиладорлик пайтида қуйидаги инфектсиялар ҳам хавфлидир:
- грипп;
- гепатит Э;
- ОИВ;
- оддий герпес;
- листериоз;
- қизамиқ.
Инфексияларни даволаш учун буюрилган барча дорилар ҳомиладор аёллар учун хавфсиз эмас. Шунинг учун, ҳомиладорликда у ёки бу ҳолатда қайси дорини танлаш ва даволаш усулини аниқлаш каби ҳар қандай масалада ҳам шифокор билан маслаҳатлашиш муҳим аҳамиятга эга.
Она инфексияларининг ҳомилага таъсири
Кўп инфексиялар ҳомила ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Бунинг оқибатлари қанчалик жиддий бўлишини олдиндан айтиш мушкул, чунки ҳар бир организм индивидуалдир. Баъзи касалликлар онанинг танасига салбий таъсир кўрсатиши, бошқалари болада турли анормалликларни келтириб чиқариши мумкин. Аборт қилиш ва эрта туғилиш каби хавфли оқибатларга олиб келадиган инфексия турлари ҳам мавжуд.
Она вужудида ривожланаётган ҳомила учун қуйидаги инфексиялар энг хавфли ҳисобланади:
- гонорея;
- хламидия;
- бактериал вагиноз;
- ОИВ, сифилис, герпес, гепатит;
- токсоплазмоз;
- стрептококк;
- ситомегаловирус;
- листерия.
Бошқа инфектсиялар ҳам ҳомилага зарар етказиши мумкин. Шунинг учун барча ҳомиладор аёлларда безовталиклар мавжудлигини аниқлаш ва ўз вақтида самарали ҳамда хавфсиз даволанишни тайинлаш учун кенг қамровли текширувлар тайинланади.
Бу жараёнда ҳомиладор аёлнинг ҳам ўзи маъсулиятни ҳис қилган ҳолда ҳомиладорликдаги ўзгаришларга бефарқ қарамаслиги, ҳар қандай ноодатий ўзгариш кузатилганда мутахассис билан маслаҳатлашиши лозим. Шунингдек ҳомиладорликдаги нормал ўзгаришларни кузатиб бориш ҳам аёлга патологик ўзгаришларни тезда пайқаш имконини беради.
Ҳомиладорликда инфексиялар диагностикаси
Ҳомиладор аёлда барча турдаги инфексияларни аниқлаш учун унга кенг қамровли текширув, антикор борлиги учун венадан қон текшируви ва қиндан суртма тайинланади. Ушбу ёндашув клиник кўринишни обектив баҳолаш, барча муаммоларни ўрганиш ва зарур чораларни кўриш имкониятини беради.
Олдини олиш
Америка педиатрия академияси ҳомиладорликда инфексиялар хавфини камайтириш ҳамда олдини олиш учун баъзи стратегияларни тақдим этади:
- Гигиена қоидаларига қатъий амал қилинг (оддийгина, қўлларни мунтазам ювиш ҳам баъзи инфексиялардан яхши ҳимоя ҳисобланади);
- Гўштни яхши тайёр бўлгунга қадар пиширинг;
- Пастеризатсия қилинмаган (хом) сут ва ундан тайёрланган машулотлардан сақланинг;
- Шифокорингиздан Б гуруҳи стрептококклари бўйича маслаҳат олинг;
- Гриппга қарши эмлашни шифокор билан маслаҳатлашинг, қарши кўрсатмалар бўлмаса, ваксина олинг;
- Жинсий йўл билан юқадиган инфексияларни аниқлаш ёки истисно қилиш учун таҳлил топширинг;
- Юқумли касаллик билан оғриган беморлардан сақланинг;
- Ўзингизни касалликларни ташувчи ҳашаротлардан ҳимоя қилинг;
- Мушукнинг ифлос ахлатига ва ифлосланган тупроққа тегманг. (Токсоплазмоз инфексияси бўлиши мумкин)
