Аёллар ҳомиладор бўлгач юзага келадиган илк саволларидан бири «Ҳомиладорликда нималар мумкин эмас? Қайси маҳсулотлар ҳомилага зарар келтиради?» каби бўлади. Ушбу саволларга жавоб топиб, улар ейиш мумкин бўлган ва бўлмаган маҳсулотлар рўйхатини билиб олишлари лозим.
Яхшиямки, сиз истеъмол қилишингиз таъқиқланган нарсаларга қараганда ейишингиз мумкин бўлган маҳсулотлар кўпроқдир. Ҳомиладорликда ўзингиз ва ривожланаётган ҳомиланинг соғлигини сақлаш учун таомномангизга диққат билан эътибор беришингиз лозим.
Баъзи озиқ-овқатларни кам истеъмол қилиниши керак, бошқаларидан эса бутунлай воз кечиш шарт бўлади. Қуйида ҳомиладорлик вақтида сақланиш ёки камайтириш зарур бўлган 11 та озиқ-овқат ва ичимликлар ҳақида маълумот бериб ўтамиз.
Чала пиширилган, хом ва қайта ишланган гўшт
Хом балиқ билан боғлиқ баъзи бир муаммолар пишмаган гўштга ҳам тегишли. Пиширилмаган ёки хом гўштни истеъмол қилиш токсоплазма, Э. соли, листерия ва салмонелла каби бир қанча бактерия ёки паразитлар юқтириш хавфи ошади.
Бактериялар кичкинтойнинг соғлиғига жиддий таҳдид солиши мумкин: оғир асаб касалликлари, шу жумладан интеллектуал ногиронлик, кўрлик ва эпилепсияга олиб келиш эҳтимоли бор.
Кўпгина бактериялар гўшт бўлаклари юзасида жойлашган бўлса, бошқа бактериялар мушак толалари ичида яшаши мумкин.
Қўзичоқ ва бузоқ гўштидан олинган майда бўлаклар ёки қовурға каби гўштнинг тўлиқ бўлакларини охиригача пишмаган ҳолда истеъмол қилиш хавфсиз бўлиши мумкин. Бироқ, фақат гўшт бўлаги ташқи томондан тўлиқ пишганидагина қўлланилиши мумкин.
Гўштли пироглар, бургерлар, қийма ва парранда гўштларини ҳеч қачон хом ёки пишмаган ҳолда истеъмол қилмаслик керак. Шунинг учун, бургерларни яхши пишгунга қадар панжара устига қўйинг.
Хот-доглар, колбаса маҳсулотлари, музлатилган ярим тайёр гўштлар ҳам қайта ишлаш ёки сақлаш пайтида турли хил бактерияларни юқтириши мумкин.
Хом тухум
Хом тухум салмонелла бактерияси билан зарарли бўлиши мумкин.
Салмонелла инфексиясининг аломатлари орасида иситма чиқиши, кўнгил айниш, қусиш, ошқозон спазми ва диарея мавжуд. Камдан-кам ҳолларда инфексия бачадон спазмини келтириб чиқариши мумкин, бу эрта туғилиш ёки ўлик туғилишга олиб келади.
Хавфсиз бўлиши учун ҳар доим тухумни яхшилаб пиширинг ёки пастеризатсия қилинган тухумлардан фойдаланинг. Сариғи яхши пишмаган тухум ва уйда тайёрланган маёнез каби маҳсулотлар истеъмолидан тўлиқ чекланинг.
Ҳайвонлар органлари
Ҳайвон органлари гўшти турли хил озуқа моддаларининг ажойиб манбаси ҳисобланади.
Буларга темир, Б12 витамини, А витамини, рух, селен ва мис киради — буларнинг барчаси сизга ва болага фойдали.
Аммо ҳомиладорлик пайтида ҳайвонларга асосланган А витаминини жуда кўп қабул қилиш тавсия этилмайди.
Ҳайвон органларини истеъмоли орқали А витаминини жуда кўп қабул қилиш, айниқса ҳомиладорликнинг биринчи триместрида, туғма нуқсонлар ва ҳомиланинг тушишига олиб келиши мумкин.
Юқори симобли балиқлар
Симоб жуда заҳарли элемент ҳисобланади. Таъсир этувчи манбанинг хавфсиз даражаси маълум эмас ва у кўпроқ ифлосланган сувда учрайди.
Симоб асаб, иммунитет тизими ва буйраклари учун заҳарли бўлиши мумкин. Бундан ташқари, бу болаларда жиддий ривожланиш муаммоларини келтириб чиқариши, ҳатто кам миқдори ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
У ифлос денгизларда кўп учраганлиги сабабли, йирик денгиз балиқлари таналарида кўп миқдорда симоб тўплайди. Шунинг учун, ҳомиладорлик пайтида ва эмизишда юқори миқдордаги симобли балиқлардан сақланиш шарт.
Сиз умуман истеъмолдан чиқаришингиз лозим бўлган танасида юқори симобли балиқ турларга қуйидагилар киради:
- акула;
- қилич-балиқ;
- қирмизи скумбрия;
- оркинос (айниқса катта туна);
- марлин;
- Мексика кўрфазидан плитка балиқлари.
Муҳими шундаки, бизнинг мамлакатда бу каби балиқ турлари йўқ. Бироқ турли емакхоналарда ушбу балиқ турлари таклиф қилинмоқда.
Шуни таъкидлаш керакки, барча балиқлар ҳам зарарли эмас.
ФДА ташкилоти таъкидлашига кўра, ҳомиладорлик пайтида кам симобли балиқларни истеъмол қилиш фойдали ва бу балиқларни ҳафтасига уч мартагача истеъмол қилиш мумкин.
Кам симобли балиқлар жуда кўп ва қуйида баъзиларини санаб ўтамиз:
- треска;
- қалқонбалиқ;
- лосос (гўшти қизил балиқ);
- тилапия;
- форел.
Айниқса, лосос каби ёғли балиқлар истеъмол учун яхши вариантдир, чунки улар таркибида болангиз учун муҳим бўлган омега-3 ёғ кислоталари кўп.
Чала пишган ёки хом балиқ
Бу суши мухлислари учун қийин бўлади, аммо бу жуда муҳим. Хом балиқлар, айниқса, қисқичбақасимонлар бир нечта инфексияларни келтириб чиқариши мумкин. Улар оқибатида норовирус, вибрио, салмонелла ва листерия каби вирусли, бактериал ёки паразитар инфексиялар юзага келиши мумкин.
Ушбу инфексиялар таъсир қилиши оқибатида она организмида сувсизланиш ва қувватсизликни келтириб чиқаради. Баъзи инфексиялар эса, бола ривожига салбий таъсир этиб, ҳаттоки ўлимга олиб келадиган ҳолатларга олиб келиши мумкин.
Ҳомиладор аёллар, айниқса, листерия инфексиясига мойил ҳисобланишади. Дарҳақиқат, КДК марказининг маълумотларига кўра, ҳомиладор аёлларда листерия юқтириш эҳимоллиги аҳолининг бошқа қисмига нисбатан 10 баравар юқори экан.
Ушбу бактериялар тупроқда ва ифлосланган сувда, ўсимликларда бўлиши мумкин. Хом балиқлар қайта ишланаётган пайтда, шу жумладан дудланиш ёки қуритиш пайтида ҳам бактерия юқиши мумкин.
Листерия бактериялари йўлдош орқали ҳомилага ҳам юқиши мумкин. Бу эса, муддатидан олдин туғилиш, ҳомила тушиши, ҳомила нобуд бўлишига ва бошқа жиддий муаммоларига олиб келиши мумкин.
Бу, албатта, суши таомларини, шу жумладан, хом балиқ ва қисқичбақасимон балиқлар истеъмолидан қочиш тавсия этилади. Агар ушбу маҳсулотлар мухлиси бўлсангиз, хавотир олманг бола туғилгандан кейин оилавий шифокорингиз билан маслаҳатлашиб, ушбу маҳсулотларни истеъмол қилишингиз мумкин.
Кофеин
Сиз кофе, чой, алкоголсиз ичимликлар ёки какаони яхши кўрадиган миллионлаб одамлардан бири бўлишингиз мумкин. Кофеинга бўлган муҳаббат ҳақида гап кетганда, албатта сиз ёлғиз эмассиз. Бироқ ҳомиладорлик вақтида уларнинг истеъмолини камайтиришингиз мақсадга мувофиқдир.
Америка акушерлик ва гинекологлар коллежи маълумотларига кўра, одатда ҳомиладорларга кофеинни кунига 200 миллиграмм (мг) дан кам миқдорда истеъмол қилиш тавсия этилади.
Кофеин жуда тез сингади ва платсентага осонликча ўтади. Чақалоқлар ва уларнинг платсенталарида кофеин метаболизми учун зарур бўлган асосий фермент мавжуд эмаслиги сабабли, юқори даражадаги бирикмалар пайдо бўлиши мумкин.
Ҳомиладорлик пайтида кофеинни юқори даражада истеъмол қилиш ҳомила ўсишини чеклаши ва туғилиш пайтида кам вазн билан туғилиш хавфини ошириши исботланган.
Туғилишнинг паст вазни 2,5 кг дан кам бўлса, гўдак ўлимига ёки улғайганида сурункали касалликлар пайдо бўлиши каби хавфнинг ошишига олиб келади.
Шундай қилиб, болада кофеин миқдори кўпаймаслиги учун кунлик кофе ва газли ичимлик истеъмолини максимал даражада камайтиришингиз лозим.
Хом новдалар
Соғлиққа фойдали деб танлаган салатингиз ҳам зарарли таркибий қисмлардан холи бўлмаслиги мумкин. Хом ўсимликлар, шу жумладан кўкатлар, исмалоқ, редиска ва мош ёки ловия каби маҳсулотлар салмонелла билан зарарланган бўлиши мумкин.
Уруғларни униб чиқиши учун зарур бўлган нам муҳит бу турдаги бактериялар учун айни муддао ва уларни ушбу босқичда йўқотишнинг деярли имкони йўқ.
Шу сабабли сизга бундай маҳсулотлардан бутунлай воз кечиш тавсия этилади. Бундай кўкатли маҳсулотлар овқатда, ёғда яхши пишганидан кейин уларни истеъмол қилиш хавфсиздир.
Ювилмаган маҳсулот
Ювилмаган ёки тозаланмаган мева ва сабзавотларнинг юзаси бир нечта бактерия ва паразитлар билан ифлосланган бўлиши мумкин.
Буларга токсоплазма, Э. соли, салмонелла ва листерия киради, улар тупроқдан ёки ишлов бериш вақтида юқтирилиши мумкин.
Бактерия юқиши ҳар қандай вақтда: ишлаб чиқариш, йиғиш, қайта ишлаш, сақлаш, ташиш ёки чакана савдо пайтида юз бериши мумкин. Мева ва сабзавотларда қолиши мумкин бўлган хавфли паразитлардан бири токсоплазма деб аталади.
Токсоплазма билан касалланган одамларнинг кўпчилигида ҳеч қандай аломат сезилмаслиги, бироқ айримлар ўзларини бир ой ёки ундан кўпроқ вақт давомида гриппга чалингандек ҳис қилишлари мумкин.
Токсоплазма бактерияларини юқтирган кўпчилик чақалоқларда туғилиш пайтида ҳеч қандай аломат бўлмайди. Бироқ, кўрлик ёки интеллектуал ногиронлик каби аломатлар чақалоқ ҳаётида кейинчалик ривожланиши мумкин.
Ҳомиладорликда, мева ва сабзавотларни сув билан яхшилаб ювиш, тозалаш ёки буғда пишириш орқали инфексияларни юқтириш хавфини камайтириш жуда муҳимдир. Чақалоқ туғилганидан кейин ҳам буни одат қилиб олишингиз лозим.
Пастеризатсия қилинмаган сут, пишлоқ ва мева шарбати
Хом сут, пастеризатсия қилинмаган пишлоқ ва юмшоқ пишлоқларда листерия, салмонелла, Э. соли ва Кампйлобактер каби зарарли бактериялар мавжуд.
Худди шу нарса қайнатилмаган шарбатга ҳам тегишли бўлиб, у ҳам бактериал ифлосланишга жуда мойил. Ушбу инфексияларнинг барчаси туғилмаган чақалоқ ҳаёти учун хавфли оқибатлар олиб келиши мумкин.
Бактериялар табиий равишда пайдо бўлиши ёки йиғиш, сақлаш пайтида ифлосланишидан келиб чиқиши мумкин. Пастеризатсия маҳсулотларнинг озуқавий қийматини ўзгартирмасдан зарарли бактерияларни йўқ қилишнинг энг самарали усули ҳисобланади.
Юқтириш хавфини минималлаштириш учун фақат пастеризатсияланган сут, пишлоқ ва мева шарбатини истеъмол қилинг.
Спиртли ичимликлар
Ҳомиладорликда спиртли ичимликлар ичишдан бутунлай воз кечиш шарт, чунки бу ҳомиланинг тушиши ва ўлик туғилиш хавфини оширади. Ҳатто озгина миқдори ҳам чақалоғингизнинг мия ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Ҳомиладорлик пайтида спиртли ичимликлар ичиш ҳомиланинг алкогол синдромини келтириб чиқариши мумкин, бу юзнинг деформатсиялари, юрак нуқсонлари ва интеллектуал ногиронлик ривожланишига сабаб бўлади.
Қайта ишланган зарарли овқатлар
Сизга ҳам, ўсаётган кичкинтойингизга ҳам ёрдам бериш учун витамин ва минералларга бой овқатларни истеъмол қилиш лозим.
Айтганча, ҳомиладорликда аёл “икки кишили учун овқат ейиши керак” деган гап ҳам бир чўпчак. Сиз биринчи семестрда одатдагидек, кейин иккинчи триместрда кунига 350 калория ва учинчи триместрда кунига тахминан 450 калорияга кўпайитириб, мос равсиҳда овқатланишингиз мумкин.
Ҳомиладорликнинг оптимал овқатланиш режаси асосан тўлиқ озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат бўлиши керак, бу сизнинг ва чақалоқнинг эҳтиёжларини қондириш лозим. Қайта ишланган озиқ-овқатлар, одатда, минерал ва витаминларни ўз ичига тўлиқ қамраб олмаган. Шунингдек, баъзида улар ёғ ва шакарларга бой бўлиб, улар сизга зарарли таъсир этиб, ортиқча вазн йиғишингизга таъсир этиши мумкин.
Ҳомиладорлик пайтида ортиқча вазн ортиши кўплаб асоратлар ва касалликларга сабаб бўлади. Буларга ҳомиладорлик қандли диабети хавфининг кўпайиши, шунингдек ҳомиладорлик ёки туғилишнинг баъзи асоратлари киради.
Протеинга бой маҳсулотлар ва енгил тамаддилар кўпроқ таомномангиздан жой олсин. Сабзавотлар, мевалар ва дуккакли маҳсулотлар (мош, нўхат, ловия) шулар жумласидандир. Албатта, уларни истеъмол қилишдан аввал яхшилаб тозалаш лозим.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳомиладорлик даврида соғликни назорат қилиб бориш муҳим аҳамиятга эга. Шу сабабдан ҳам сиз ва болангизга хавф туғдирадиган озиқ-овқат ҳамда ичимликлардан сақланиш жуда муҳимдир.
Гарчи кўпчилик овқатлар ва ичимликлар истеъмол учун мутлақо хавфсиз бўлсада, баъзилари, масалан, хом балиқ, пастеризатсия қилинмаган сут маҳсулотлари, алкогол ва юқори симобли балиқлардан сақланиш лозим.
Қолаверса, кофе ва шакар миқдори кўп бўлган баъзи озиқ-овқат маҳсулотлари, ичимликлар соғлом ҳомиладорликни давом эттириш учун чекланиши зарур.
Ушбу мақола орқали «Ҳомиладорликда нималар мумкин эмас?», деган саволингизга жавоб топдингиз, деб ўйлаймиз.
