Kontentga o‘tish
BUFANSTREAM
Ҳомиладорлик

Ҳомиладорлик холестази касаллиги

Ҳомиладорликнинг жигар ичи холестази, одатда ҳомиладорлик холестази деб аталади, бу ҳомиладорликнинг охирги муддатларида юзага келадиган жигар касаллигидир. Ҳолат кучли қичишишни келтириб чиқаради, аммо аёл танасида тошмалар кузатилмайди. Қичишиш одатда қўл ва оёқларда пайдо бўлади, шу билан бирга тананинг бошқа қисмларига ҳам таъсир қилиши мумкин.

Касаллик ҳомиладор аёлни қичишиш каби ёқимсиз ҳолат билан безовта қилиши билан бирга, ривожланаётган ҳомила саломатлигига жиддий хавф ҳам солади.

Аломатлари

Танадаги кучли қичишиш ҳомиладорлик холестазининг асосий белгисидир. Ҳеч қандай тошмалар кузатилмайди. Аксарият аёллар қўл кафтларида ёки оёқ тагида қичишиш юзага келади, лекин баъзи аёлларда бутун танасида қичишиш ҳолати бўлиши мумкин. Ҳомиладорликда қичишиш кўпинча кечаси кучаяди ва шу сабабдан ҳомиладор аёлда уйқусизлик кузатилади.

Қичишиш ҳомиладорликнинг учинчи триместрида кўпроқ учрайди, лекин баъзида бу ҳолат эртароқ бошланиши ҳам мумкин. Туғилиш санаси яқинлашган сайин бу яна ҳам кучаяди. Бироқ чақалоғингиз дунёга келгандан сўнг, қичишиш одатда бир неча кун ичида йўқолади.

Ҳомиладорлик холестазининг бошқа камроқ намоён бўладиган белгилари қуйидагиларни ўз ичига олиши мумкин:

  • Терида ва кўзнинг оқ қисмида сарғайиш (сариқлик)
  • Кўнгил айниши;
  • Иштаҳанинг пасайиши ёки йўқолиши.
  • Тўқ рангли пешоб;
  • Оч рангли нажас;
  • Чарчоқ (ҳаддан ташқари чарчоқ);
  • Қориннинг юқори ўнг қисмида оғриқ.

Қачон шифокорга мурожаат қилиш керак?

Агар танангизда, айниқса қўл ва оёқларда доимий ёки кучли қичишиш ҳолати кузатилса, дарҳол шифокорга мурожаат қилинг.

Ҳомиладорлик холестази сабаблари

Ҳомиладорлик холестази касаллигини сабаби аниқ эмас. Ҳомиладор аёл ирсияти бу ҳолатда муҳим рол ўйнайди. Баъзида бу ҳолатлар оила тарихида оилавий касаллик сифатида учрайди. Шунингдек, айрим бир генетик вариантлар ҳам аниқланган.

Бу ҳолатда ҳомиладорлик гормонлари ҳам иштирок этиши мумкин. Ҳомиладорлик гормонлари даражаси туғилиш санаси яқинлашганда кўтарилади. Шифокорларнинг фикрига кўра, бу жигарда ҳосил бўлган овқат ҳазм қилиш тизимидаги ёғларни парчалашга ёрдам берадиган сафронинг нормал оқишини секинлаштириши мумкин. Сафро жигардан чиқиш ўрнига, органда тўпланади. Натижада, сафро қон оқимига киради, бу эса қичишиш ҳолати юз беришига сабаб бўлади.

Хавфни келтириб чиқарувчи омиллар

Ҳомиладорликда аёлларда холестаз ривожланиш хавфини ошириши мумкин бўлган омиллар қуйидагилардир:

  • Олдин ҳомиладорлик холестази билан касалланган яқин қариндошининг мавжудлиги;
  • Олдинги ҳомиладорликда холестаз касаллиги мавжуд бўлганда, кейинги ҳомиладорликда унинг қайта содир бўлиш хавфи 60-70% ни ташкил қилади*;
  • Бир ва ундан ортиқ болага ҳомиладор бўлиш;
  • Ҳомиладорликдан олдин жигарда зарарланиш ҳолати кузатилган бўлса;
  • Сунъий уруғлантириш натижасида ҳомиладор бўлиш.

Даволаш ва олдини олиш

Даволаш одатда симптомларни, асосан қичишишни бартараф этишга ва юзага келиши мумкин бўлган асоратларнинг олдини олишга қаратилган.

Ҳомиладорлик даврида холестаз ва бошқа муаммолар хавфини камайтириш учун ҳўл мева ва сабзавотлар билан соғлом, мувозанатли парҳезга риоя қилиш муҳимдир.

Тўғри тартибда овқатланиш ҳомиладорлик холестази билан оғриган аёлларга касалликнинг жиддий асоратларини камайтиришга ёрдам беради. Жигар фаолиятига ёрдам берадиган овқатлар айниқса, фойдали бўлиши мумкин. Бу ҳолат озуқа моддаларининг сўрилишига халақит берганлиги сабабли, иложи борича кўпроқ озуқавий моддаларга бой овқатлар истеъмол қилиш ҳам муҳимдир.

Муолажалар ва диетага оид бўлган шифокор кўрсатмаларига риоя қилиш муҳимдир. Диета бу шифокор ёзиб берган дори-дармонларга муқобил вариант эмас.

Ҳомиладорлик холестази асоратлари

Ҳомиладорлик холестази билан боғлиқ асоратлар онада ва/ёки ривожланаётган чақалоқда юзага келиши мумкин.

Бўлажак оналарда бу ҳолат вақтинча тананинг ёғни қабул қилиш ҳолатига таъсир қилиши мумкин. Оз миқдордаги ёғнинг сўрилиши қон ивишида иштирок этадиган К витамин даражасининг пасайишига олиб келади. Аммо бу асорат камдан-кам ҳолларда содир бўлади.

Холестаз билан оғриган одамларда К витамини паст даражада бўлади, бу қон кетиш эҳтимолини оширади, шунинг учун туғруқдан олдин ва кейин кўпинча К витамини қўшимчаларига эҳтиёж сезилади.

Чақалоқларда ҳомиладорлик холестазининг асоратлари жиддий бўлиши мумкин. Улар қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • Эрта туғилиш;
  • Меконий билан нафас олиш туфайли нафас олиш билан боғлиқ муаммолар;
  • Ҳомиладорликнинг сўнгида, туғруқдан олдин боланинг ўлими (ўлик туғилиш).

Бу каби асоратлар чақалоғингиз соғлиғи учун жуда хавфли ҳисобланганлиги учун шифокор туғруқ жараёнини эрта қўзғатиш мумкин.

Шунинг учун ҳомиладор аёл ўзида кучли қичишиш ёки бошқа нормал бўлмаган ўзгаришларни сезса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиш муҳим аҳамиятга эга.