Ҳомиладорлик ҳаяжонли бўлиши билан биргаликда у даврдаги кўпгина ўзгаришларнинг қай бири нормал ва қайси бири ташвишланишга сабаб бўлганишини аниқлаш ҳар доим ҳам осон эмас. Бундай ўзгаришлардан бири бу ҳомиладорликда ажралмалар ажралиши бўлиб, ҳомиладорлик даврида унинг ёпишқоқлиги ёки қалинлиги, частотаси ва миқдори билан ўзаро фарқ қилиши мумкин.
Ҳомиладорликнинг илк белгиларидан бири вагинал ажралманинг кўпайиши бўлиб, бу ҳомиладорликнинг кейинги даврларида ҳам давом этади.
Оддий, одатдаги қин ажралмаси, лейкорея деб номланади, у шаффоф ёки ёрқин ва ҳидсиз ёки нордон ҳидли бўлади. Вагинал ажралмалардаги ўзгаришлар уруғланишдан бир-икки ҳафта ўтгач, ҳатто ҳайз кўришдан олдин ҳам бошланиши мумкин.
Ҳомиладорликнинг сўнгги ҳафталарида қин ажралмаси қонли чизиқлар билан қалин шилимшиқсимон массани ўз ичига олганлигини ҳам сезишингиз мумкин, бу «тайёргарлик» деб аталади. Бу туғилишнинг дастлабки белгиси ҳисобланади ҳамда у ташвишланишга асос бўлмайди.
Ҳомиладорликда ажралма хоссаси ўзгаришига сабаб нима?
Қин ажалмаси гормонлар даражасининг ўзгариши туфайли миқдори, консентратсияси ва баъзида ранги ҳамда ҳиди ҳам турлича ўзгариши мумкин.
Ҳомиладорлик даври давомида бачадон бўйнидаги ўзгаришлар вагинал ажралмага ҳам таъсир қилади. Бачадон бўйни ва қин девори юмшаши билан организм ташқи инфексияларнинг олдини олишга ёрдам бериш мақсадида ажралма ажралишини кўпайтиради. Ҳомиладорликнинг охирларида чақалоғингизнинг боши бачадон бўйнига босилиши ҳамда унга таъсир этиши мумкин, бу ҳам кўпинча ҳомиладорликда ажралмалар ажралишининг кўпайишига олиб келади.
Ҳомиладорликда ажралмалар ранги бўйича тавсифи
Вагинал ажралма ранги ўзгаришига кўра, ҳомиладор аёлнинг танасида нима содир бўлаётгани ҳақида шифокорга бирламчи маълумот тақдим этиши мумкин. Агар ҳомиладор аёл ўз ҳомиладорлик даврини «» каби иишончли иловалар орқали кузатиб борса, ажралмаларнинг қисқача тавсифи ҳақида билимларга эга бўлса, бу вақтида малакали тиббий ёрдамга мурожаат қилишга имкон яратади. Бу эса патологик ҳолатларда ҳомила ва она саломатлигига хавф туғдирувчи омилларнинг эрта бартараф этилишига ҳамда онанинг соғлом бола дунёга келтиришига замин бўлиб хизмат қилади.
Вагинал ажралма учун норма ва патологияни аниқлашда асосий мезон сифатида уларнинг ранги муҳим аҳамиятга эга.
1-4 ҳафта
Биринчи ҳафтада қонли ажралма бўлиши мумкин, бу аслида охирги ҳайзнинг сўнгидир. Иккинчи ҳафта овулятсия жараёни бошланганлигини ва уруғланган тухум ҳужайранинг бачадон деворига ёпишганлигини кўрсатадиган оқ, бир оз пушти ажралма билан тавсифланади. Тухум ҳужайранинг бачадонга бирикиши пайтида ҳомиладорлик даврида ажралманинг ранги ҳар доим ҳам қонли эмас. Улар кўпинча сарғиш ва крем каби ифодаланади. Ҳомиладорликнинг биринчи ойи охирида яна қонли ёки жигарранг оқинди пайдо бўлиши мумкин. Агар ажралмалар мўтадил бўлса, унда ташвишланишга асос йўқ. Бу танадаги гормонал ўзгаришларнинг кўрсаткичидир.
5-20 ҳафта
Ҳар қандай пушти, жигарранг ва қизил ажралмалар меъёр эмас ва ўз-ўзидан аборт ёки йўлдошнинг эрта кўчишини англатиши мумкин. Нормада шаффоф, юмшоқ консистенсияли ва ҳидсиз ёки кам ҳидли ажралма бўлиши керак. Сарғиш ранг, шилимшиқ, яшил доғлар, жуда ёпишқоқ оқинди (бармоқлар орасида чўзиладиган), ёқимсиз ҳид яширин жинсий инфексиялардан дарак бериши мумкин.
20-40 ҳафта
Фақат шаффо ва ҳидсиз ажралмалар норма деб ҳисобланади. Қиндан қонли шилимшиқ ажралиши бачадон бўйни шикастланганлиги ёки туғилишнинг илк хабарчиси бўлиши мумкин. Сарғиш, яшил, нордон ёки ёқимсиз ҳидли, пуфакчали шилимшиқ генитал инфексиянинг фаол ривожланишининг белгисидир.
Қачон шифокорга мурожаат қилиш керак?
Ҳар қандай ғайритабиий ажралма ҳақида шифокорингизга хабар бериш жуда ҳам муҳимдир, чунки бу ҳомиладорлик инфексияси белгиси ёки ҳомиладорлик билан боғлиқ бошқа турли муаммоларнинг илк белгиси бўлиши мумкин. Анормал ажралманинг баъзи белгилари:
- сариқ, яшил ёки кул ранг ажралма;
- кучли ва ёмон ҳидли;
- қин атрофи қизариш, қичишиш ёки шишиши билан бирга келади.

Патологик ажралма бирор инфексиянинг белгиси бўлиши мумкин. Ҳомиладорлик даврида замбуруғ инфексиялари тез-тез учрайди. Агар сиз ҳомиладорлик пайтида ушбу инфексияси билан дуч келсангиз, шифокор томонидан вагинал кремлар ёки шамчалар ёрдамида комплекс даво чоралари тавсия қилиниши мумкин. Замбуруғ инфексияси профилактикаси учун:
- кенг, ҳаво ўтадиган кийим кийинг;
- пахтадан тайёрланган ички кийимлардан фойдаланинг;
- душ, сузиш ёки турли машқдан кейин жинсий аъзоларингизни қуритинг ва қуруқлигига ишонч ҳосил қилинг;
- қин микрофлорасини нормаллаштириш учун таомномангизга ёгурт ва қатиқ каби сут маҳсулотларини киритинг.
Ҳомиладорликда патологик ажралма жинсий йўл билан юқадиган касалликлар туфайли ҳам пайдо бўлиши мумкин. Бу даврда барча ҳомиладор аёллар ЖЙЙК учун текширилиши тавсия этилади. Агар ўзингизда ЖЙЙК бор деб ҳисобласангиз, чақалоққа ЖЙЙК юқиш хавфини камайтириш учун шифокорингизга имкон қадар тезроқ бу ҳақида хабар бериш муҳимдир.
Ноодатий ажралма ҳомиладорликдаги турли асоратларни ҳам кўрсатиши мумкин. Агар ҳомиладор аёлда 20-35 мл ёрқин қизил ажралма ажралса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиш шарт. Бу йўлдошнинг паст жойлашуви ёки йўлдош эрта кўчиши белгиси бўлиши мумкин.
Ҳомиладорликда ажралмалар характерига ва ундаги ўзгаришлар қачон бошланганига, хусусиятларга эътибор бериб боринг. Бу ўзингиз ҳамда ҳомилангиз саломатлигини назорат қилиб боришда, ҳар қандай жиддий патологик ҳолатнинг олдини олишда, патолгик ҳолатларда шифокорга тўғри ташхислаш ҳамда даволаш режасини ишлаб чиқишда ёрдам бериши мумкин.
