Ҳомиладорликда сувсизланиш бошқа даврларга қараганда тез-тез учрайдиган салбий ҳолатларданн бири ҳисобланади. Бу даврда сувсизланиш аксарият ҳолатларда енгил бўлади, аммо баъзида кучли сувсизланиш кузатилиб, у она ва чақалоқ саломатлиги учун жиддий хавф туғдириши мумкин.
Ҳомила аёл танасига жиддий талаблар қўяди ва ҳомиладор аёллар қўшимча озуқавий моддалар истеъмол қилишлари керак. Токсикоз, шунингдек, кўп қайт қилишга сабаб бўлаётган ҳолатлари ҳам сувсизланиш юзага келишида муҳим рол ўйнайди.
Ҳомиладорликда сувсизланиш белгилари
Одатда сувсизланишни биринчи белгиси — чанқаш.
Терлагандан кейин чанқаган, иссиқда узоқ вақт ўтказган одамлар ёки узоқ вақт мобайнида сувсиз қолган инсонда, айниқса сувсизланиш эҳтимоли юқори бўлади.
Сувсизланишнинг бошқа белгилари қуйидагилардир:
- томоқ ёки оғиз қуриши;
- қуруқ ва ёрилган лаблар;
- қуруқ кўринишдаги тери;
- кўзда қуруқлик ҳисси;
- юпқа ва суякка ёпишиб кетган тери;
- ўткир рангли пешоб;
- кам-кам пешоб чиқариш;
- иссиқ ҳавода ҳам ҳаттоки терламаслик;
- кучсиз ва чарчагандек ҳис қилиш;
- ич қотиши, қаттиқ ахлат чиқариш ва геморой;
- ҳолсиз, уйқучанлик.
Баъзи бир ҳомиладор аёллар сувсизланишни ҳис қилганда бачадон қисқариши ҳолатини бошидан ўтказади.
Сувсизланиш кучайганда чанқоқлик ҳисси йўқолиши мумкин. Ҳомиладорлик даври давомида кучли сувсизланишнинг баъзи белгилари қуйидагилар:
- бош айланиши ва саросима;
- юракни тез-тез уриши;
- чақалоқнинг ҳаракатланишини ўзгариши;
- бош айланиши ёки ҳушидан кетишга сабаб бўладиган паст қон босими;
Кучли сувсизланиш тушкунлик ва организмларни шикастланишига сабаб бўлиши ҳам мумкин. Бу ҳолат эса, чақалоққа ҳам зарар етказиши мумкин.

Ҳомиладорликда сувсизланиш сабаблари
Сувсизланиш сабаблари 2 та умумий тоифага бўлинади:
Етарли миқдорда сув ичмаслик
Инсонларни бир кунда қанча миқдорда сув ичиши ҳақида кўплаб тавсиялар бўлишига қарамасдан, инсоннинг сувга бўлган эҳтиёжи бир-биридан фарқ қилади. Юқорида таъкидлаганимиздек, ҳомиладорлик аёл танасига қўшимча эҳтиёжларни қўяди. Шу сабабли аёллар, одатда, олдинги ҳомиладорлик давридан кўра шу ҳомиладорлик даврида кўпроқ сув ичиши керак.
Етарли миқдорда сувни ўзлаштирмаслик
Баъзи тиббий ҳолатларда, айниқса, қайт қилиш ва диарея (ич кетиши) тананинг етарли миқдорда сув ўзлаштириши қийинлашади.
Ҳомиладорлик даврида кўнгил айниши ва қайт қилиш ҳолатлари бошқа даврларга нисбатан тез-тез учрайди. Ҳомиладорликнинг 3% ида учрайдиган эклампсия билан касалланган аёллар жиддий вазн йўқотиш ва сувсизланишга олиб келадиган жиддий қайт қилиш ҳолатини бошидан кечириши мумкин.
Бошқа соғлиқ муаммолари, айниқса, метаболизмга таъсир қиладиган ҳолатлар ҳомиладорлидка сувсизланиш ҳолатини келтириб чиқаради. Булар қуйидагилар :
- буйрак касалликлари;
- баъзи бир кам учрайдиган метаболизм билан боғлиқ касалликлар.
Қизиқарли:
Ҳомиладорлик пайтида ҳар куни 8-12 стакан (1,8-2.7 литр) сув ичиш керак. Сув ҳомиладорликда фойдали ҳисобланади. У овқат ҳазм қилишга ҳамда ҳомила амниотик суюқлик ҳосил бўлишига ёрдам беради. Сув, шунингдек, озуқа моддаларининг танада айланишида хизмат қилади.
Асоратлари
Ҳомиладорликда енгил сувсизланиш одатда хавфли бўлмайди, чунки аёл тезда етарли суюқликни танасига етказиб бера олади, аммо кучли сувсизланиш нафақат она ҳаёти, балки чақалоқ ҳаёти учун ҳам хавфли бўлиши мумкин.
Сувсизланиш амниотик суюқлик миқдорининг камайишига олиб келади. Бу эса боланинг ривожланишига таъсир ўтказиши, эрта туғилишига олиб келиши ва она сути хусусиятига таъсир этиши мумкин. Сувсизланиш ҳомиладор аёл ва ривожланаётган чақалоқнинг саломатлиги учун муҳим бўлган озуқа моддаларининг етишмаслигига ҳам сабаб бўлиши мумкин.
Қандай ҳолларда шифокорга мурожаат қилиш керак?
Сувсизланишнинг жиддий ёки енгил эканлигига ўз-ўзидан ойдинлик киритиш қийин.
Агар ичимлик суви ёки электролитли ичимлик сувлари бу ҳолатни тезда яхшилашга ёрдам бермаса, дарҳол шифокорга мурожаат қилинг. Ҳомиладор аёллар қуйидаги ҳолларда сувсизланиш туфайли шифокор кўригига бориши лозим:
- аёл чақалоқнинг ҳаракатлари ўзгарганини ҳис қилганда;
- қон кетиши ёки суюқлик оқиши бошланганда;
- эрта туғилиш белгиси бўлиши мумкин бўлган қисқаришларни бошдан кечирганда;
- 12 соатдан ортиқ қайт қилиш ёки диарея бўлганда;
- суюқлик ичишига қарамасдан, иссиқ ҳавода ҳам терламаганда;
- жуда кам ёки умуман сийдик чиқармаса;
- ҳушидан кетиш ёки ўта кучсиз ҳис қилганда.
Эклампсия ёки бошқа касалликлари бор бўлган аёллар касалхонага бориш вақти келганида шифокор билан маслаҳатлашиши керак. Агарда шифокор аёлнинг аломатлари шошилинч тиббий ёрдамга кўрсатиш керак деб тахмин қилса, дарҳол шошилинч ёрдамга мурожаат қилишлари лозим.
Сувсизланишини олдини олиш учун
Сувсизланишни олдини олиш учун сийдик тиниқ ёки жуда оч сариқ рангга айланмагунча суюқлик истеъмол қилинг. Сув идишини доим ўзингиз билан олиб юринг ва тез-тез сув, суюқлик ичиб туринг.
Кўп жисмоний машқлар билан шуғулланадиган, жуда иссиқ ҳавода ташқарида кўп вақт сарфлайдиган аёллар суюқликни нисбатан кўпроқ истеъмол қилишлари керак.
