Kontentga o‘tish
BUFANSTREAM
Ҳомиладорлик

Ҳомиладорликда бачадон тонуси ошиши

Бачадон мушак тўқимасидан иборат ва ҳар қандай мушак бўшашган ва таранг ҳолатда бўлиши мумкин. Ҳомиладор бўлмаган аёлда, масалан, ҳайз пайтида бачадон қисқаради, туғруқ пайтида эса бу қисқариш чақалоқнинг туғилишига ёрдам беради. Ушбу мақоламиз орқали бачадон тонуси нормадан ошиши белгилари, сабаблари ва даволаш усуллари ҳақида тўхталиб ўтамиз.

Бачадон тонуси ошиши нима?

Бачадон тонуси ошиши ҳомиладорлик давридаги патология бўлиб, у миометрий мушакларининг, яъни бачадоннинг мушак қатламининг узоқ муддатли кучланишида намоён бўлади.

Ўз-ўзидан, бу патология касаллик деб ҳисобланмайди, аммо мушаклар тонуси ошиши ҳомиладорликни эрта тўхтатилишига ёки эрта туғилишга сабаб бўлганлиги учун хавфли ҳисобланади.

Сўнгги пайтларда бачадон тонуси ошиши ҳар иккинчи ҳомиладор аёлда ўзини намоён қилади ва, афсуски, баъзи аёллар бундай патологияга катта аҳамият бермайдилар, буни табиий ҳолат деб ҳисоблайдилар, лекин бу баъзан жиддий оқибатларга олиб келади, баъзида эса кечиктирилган оқибатларни бартараф этиш имконсиз.

Шунинг учун аёлларнинг бундай патологияга жиддий эътибор билан ёндошиб, даволашлари керак.

Мушакларнинг ҳаддан ташқари спазми ҳомиладорликнинг ривожланишига жуда салбий таъсир қилади:

  • эмбрионнинг эндометрийга ёпишиши қийинлашади;
  • нормал йўлдош шаклланишида қийинчиликлар пайдо бўлади;
  • йўлдошнинг ёки унинг қисмининг кўчиш хавфи ривожланади;
  • қон томирлари сиқилади ва ҳомила етарли кислород ололмайди, гипоксия ривожланади;
  • кўпинча бачадон тонуси юқорилиги ҳомила ривожланишининг кечикиши ва турли хил анормалликларнинг сабаби бўлади.

Бачадон гипертонуси белгилари

Миёметрий мушакларининг кучланишининг асосий белгилари қуйидагилардан иборат:

  • қориннинг пастки қисмида кучланиш ҳисси;
  • қориннинг пастки ва пастки орқа қисмида ҳайз пайтида бўлгани каби оғриқли ҳислар;
  • ҳомиладорликнинг иккинчи ярмида қорин қаттиқлашиши, худди «тош»дек қотиши;
  • ҳомиладорликнинг иккинчи ярмида гипертоникликни визуал равишда ажратиш мумкин: қорин бўшлиғи сиқилганга ўхшайди, унинг шакли ўзгаради.

Баъзида, айниқса ҳомиладорликнинг илк даврларида, аёл бачадон мушакларининг тонусини сезмаслиги мумкин. Бундай ҳолда, фақат шифокор текширувлар орқалигина гипертонусни аниқлай олади. Патология хавфини ҳисобга олган ҳолда, туғиш муддатига яқин даврларда шифокорга мажбурий тарзда мунтазам ташриф буюрган ҳолда ҳомиладорликни назорат қилиб бориш лозим.

Ҳомиладорликдаги ўзингиз ва ҳомилангиздаги нормал ўзгаришларни кузатиб бориш ҳам турли патологик ўзгаришлар белгиларини эрта аниқлашга имкон беради.

Ҳомиладорликда токсикоз ва уни енгиллаштириш усуллари

Бачадон тонуси ошиши сабаблари

Бачадон тонуси ошиши кўплаб сабаблар туфайли юзага келади. Аниқ сабабни топиш муайян даволаш усулини танлашда муҳим аҳамиятга эга.

Кўпинча қуйидаги омиллар ушбу патология юзага келишига сабабчилар ҳисобланади:

  • ҳомиладорлик давридаги гормонал бузилишлар;
  • аёл танаси баъзи ҳолларда ҳомилани хавфли бегона жисм сифатида билиши ва уни рад этишга интилиши;
  • бачадоннинг ностандарт тузилиши;
  • гинекологик касалликлар: эндометриоз, миома, тухумдон кисталари;
  • аёлнинг руҳий-психологик ҳолати: чарчоқ, уйқусизлик, стресс;
  • аввал ўтказилган абортлар, бачадондаги жарроҳлик амалиётлари;
  • магний етишмаслиги;
  • ҳомиладорлик даври оралиғининг камлиги;
  • зарарли одатлар ва нотўғри турмуш тарзи.

Ташхислаш

Бачадон тонуси ошишини имкон қадар тезроқ ташхислаш жуда муҳим, чунки ҳомиладорликнинг ижобий тарзда кечиши ушбу ҳолат билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Бачадон гипертониклигини аниқлашнинг бир нечта йўли мавжуд:

  • палпатсия;
  • ултратовуш текшируви;
  • тонусометрия.

Агар текширувларда бачадон гипертонуси тасдиқласа, патологиянинг сабабини аниқлаш учун қўшимча лаборатория текширувлари буюрилади.

Агар ўзингизда бачадон гипертонуси белгиларини ҳис қилсангиз, дарҳол шифокорга боринг, бачадон мушакларининг тонуси ошишига нима сабаб бўлаётганлигини аниқлаш учун тўлиқ текширувлардан ўтинг.

Ҳомиладорликда бачадон тонусини даволаш

Бачадон тонуси ошишини даволаш уни келтириб чиқарган сабабларга боғлиқ. Даволаш текширув натижаларига кўра белгиланиб, шифокор томонидан олиб борилади. Бачадон гипертонуси аниқланганда ҳомиладор аёл, биринчи навбатда, ётоқда дам олишини таъминлаши керак.

  • Агар ҳолат гормонал бузилишлар туфайли юзага келса, у ҳолда ҳомиладор аёлга гормонал дорилар буюрилади.
  • Агар ҳомиладорликда инфексиялар ёки бошқа касалликлар аниқланса, уларни даволашга қаратилган муолажалар амалга оширилади.
  • Агар бачадоннинг гипертонуси қон ивишининг кучайиши билан боғлиқ бўлса, у ҳолда беморга қонни суюлтирувчи дорилар буюрилади.

Профилактикаси

Маълумки, касалликни даволашдан кўра унинг ривожланишини олдини олиш мақсадга мувофиқдир. Бачадон тонуси ошиши патологияси профилактикасида жуда содда ва самарали чоралар мавжуд. Жумладан:

  • Ҳомиладорликка эҳтиёткорлик билан тайёрланиш лозим: ҳаётнинг ушбу муҳим даврига қадам қўйишдан олдин барча юқумли ва соматик касалликларни даволаш, сурункали касалликлар учун текширувдан ўтиш шарт.
  • Поликлиникада рўйхатдан ўтинг, мунтазам равишда шифокор қабулига боринг ва тавсияларига амал қилинг;
  • Камида 8 соат ухланг, яхши овқатланинг ва стрессли вазиятлардан қочишга ҳаракат қилинг;
  • Жисмоний фаолликда меъёрни сақланг, оғир жисмоний ишлардан тийилинг;
  • Қондаги магний даражасини назорат қилинг, витамин комплексларини қабул қилиш бўйича мутахассис билан маслаҳатлашинг;
  • Зарарли одатлардан воз кечинг, кундалик тартиб ва ​​парҳезга риоя қилинг, жисмоний ва руҳий стрессни камайтиринг.